ПАРЛАМЕНТ ВА МАҲАЛЛИЙ ҲОКИМИЯТ ОРГАНЛАРИ ҲАМКОРЛИГИНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ
Namangan Muhandislik Qurilish InstitutiТарихий тажриба шуни кўрсатдики, мамлакатимизда давлат қурилиши соҳасида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида парламентимизнинг икки палатали асосда фаолият юритаётган давр мобайнида Олий Мажлис Сенати ташкилий жиҳатдан тўлиқ шаклланиб, ўз фаолиятини Конституция, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати тўғрисида”ги Конституциявий қонун ва бошқа ҳужжатлар асосида амалга ошира бошлади. Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис палаталарининг биринчи қўшма мажлисида Сенат фаолияти ҳақида тўхталиб, “Сенат асосан маҳаллий Кенгашлар, ҳудудларнинг вакилларидан иборат бўлишини ҳамда вакиллик вазифасини бажаришини инобатга олиб, умумдавлат ва ҳудудий манфаатларнинг мутаносиблигига эришиш” кўзланган мақсадлардан бири” [2, б. 37] дея таъкидлаган эди.
Дарҳақиқат, парламентнинг икки палатали асосда фаолият юритиши моҳият-эътибори билан мамлакатни модернизация ва ислоҳ қилиш борасида узоқни кўзловчи “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” деган тамойилни рўёбга чиқаришга хизмат қилди.
Шу ўринда умумдавлат ва ҳудудий муаммоларни ҳал этишда Сенатнинг ролига батафсил тўхталиб ўтмоқчимиз. 2005 йилда Сенат томонидан унинг фаолиятида умумдавлат ва минтақавий манфаатлар мутаносиблигини таъминлаш, муаммоларни ечимини ўз вақтида топиш юзасидан учта қарор қабул қилинди. Бу ҳужжатларнинг ҳар бири моҳияти жиҳатдан умумдавлат ва ҳудудий муаммолар ечимини топишда алоҳида аҳамият касб этади. Жумладан, Сенат Кенгашининг 2005 йил 21 июлдаги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг фаолиятида умумдавлат ва минтақавий мутаносибликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш дастури”дан қуйидагилар ўрин олган:
Биринчидан, Олий Мажлис Сенати қўмиталарининг мажлисларида минтақавий ривожланиш масалаларини кўриб чиқиш;
Иккинчидан, Олий Мажлис Сенати қўмиталарининг сайёр мажлисларини ўтказиш;
Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Сенат ва Сенат қўмиталарининг қарорлари ижро этилишини таъминлаш мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қабул қилган қарорларни ўрганиш;
Тўртинчидан, Олий Мажлис Сенати қўмиталарининг мажлисларида айрим минтақавий муаммоларни муҳокама қилиш;
Бешинчидан, Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторларнинг Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисларида қабул қилинган қарорлар моҳиятини тушунтириш мақсадида учрашувлар ўтказиш, шу жумладан, маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан учрашувлар ташкил этиш учун ҳудудларга бориши;
Олтинчидан, минтақавий муаммолар муҳокамасига бағишланган семинарлар, конференциялар ва давра суҳбатларида жойларда фаолият юритаётган сенаторлар ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари доимий Комиссиялари раисларининг иштирокини таъминаш;
Еттинчидан, Олий Мажлис Сенатининг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари билан ахборот таъминоти йўналишидаги ҳамкорлигини йўлга қўйиш;
Саккизинчидан, Сенаторларнинг оммавий ахборот воситаларида чиқишлари кўзда тутилган.
Президентимизнинг 2005 йил 28 январдаги Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги “Бизнинг бош мақсадимиз – жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ этишдир” маърузасида баён этилган асосий ғоялар, таклифлар асосида белгиланган бешта йўналишдаги вазифаларни изчиллик билан рўёбга чиқариш, ислоҳотларни чуқурлаштириш билан боғлик навбатдаги босқичдаги амалий ишларнинг ижросини таъминловчи ҳужжат – “Жамиятни демократлаштириш ва янгилаш мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда модернизациялаш мақсад ва вазифаларини амалга ошириш” Дастури Президентимизнинг 2005 йил 10 мартдаги 24-сонли қарори билан тасдиқланди. Мазкур чора-тадбирларнинг амалий ижросини таъминлаш мақсадида Сенатнинг қонунчилик ва суд-ҳуқуқлари қўмитаси томонидан 2005 йил 12 июнда Олий Мажлис Сенатида “Сенат, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва ўзини-ўзи бошқариш идораларининг ҳудудий муаммоларни ҳал қилишдаги роли” мавзусида семинар ташкил этилди.
Бизнингча, ҳудудий муаммо кўлами кенг, турли-туман, энг муҳими, жойлардаги мавжуд муаммо қайси соҳада бўлишидан қатъий назар, ўша жойни ўзида муҳокама қилиниб, маҳаллий Кенгаш депутатлари ва ўзини-ўзи бошқариш идоралари томонидан ҳамжиҳатлик билан ҳал этилиши, бу ишда маҳаллий Кенгашлар депутатлари орасидан ҳудудий тенглик асосида сайланган сенаторлар ҳам бевосита иштирок этиши лозим. Таъкидлаш жоизки, Сенат томонидан қабул қилинаётган ҳар бир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар замирида Олий Мажлис Сенати, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларининг ўзаро ҳамкорлиги минтақавий муаммоларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этиши яққол кўзга ташланмоқда. Шуни инобатга олган ҳолда Сенатнинг бу йўналишдаги фаолиятини янада кучайтириш ҳамда такомиллаштириш йўлларини излаш сенаторларнинг ҳамиша диққат-эътиборда бўлиб келмоқда.
Албатта, Президент И. А. Каримовнинг юқоридаги маърузасида илгари сурилган бундай вазифаларни амалга ошириш нафақат Сенат ёки сенаторлар балки маҳаллий Кенгашлар, хусусан маҳаллий Кенгашлар доимий Комиссиялари олдига ҳам долзарб вазифаларни қўяди. Шу маънода сайловдан кейинги йиллар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда бугунги жамиятда депутатнинг жамиятдаги ўрни ва роли ҳақидаги айрим мулоҳазаларни билдиришни лозим топдик. Маълумки, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунннинг 19-моддасига мувофиқ “вилоят, шаҳар, туман Кенгашлари ваколатига тааллуқли масалаларни олдиндан кўриб чиқиш, тайёрлаш учун Кенгашнинг қарорларини бажарилишига кўмаклашиш, ўз ваколатлари доирасида улар ижросини назорат қилиб бориш вазифасини бажариш учун депутатлар орасидан доимий Комиссиялар тузилади” [3, б. 12]. Маҳаллий Кенгашлар доимий Комиссиялари фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида эса қуйидаги хулоса ва тавсияларни бериш мумкин:
Биринчидан, Сенат томонидан тайёрланган “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари доимий Комиссиялари тўғрисида”ги Намунавий Низом лойиҳаси билан танишиш асосида айтиш жоизки, ушбу Намунавий Низом тасдиқланиб, амалда қўллаш учун маҳаллий Кенгашларга юборилса, у билан барча депутатлар ва доимий Комиссиялар аъзолари танишиб, шу асосида иш юритсалар мақсадга мувофик бўлар эди.
Иккинчидан, давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган вазифа, яъни Олий Мажлис юқори палатаси аъзоларининг маҳаллий Кенгаш депутатлари билан мунтазам учрашувлари ва ҳисоб беришлари Сенат ва маҳаллий Кенгашлар фаолиятлари уйғунлашувида муҳим аҳамиятга эга эканлигидан келиб чиқиб парламент процедураси доирасида, Қонунчилик палатаси томонидан Сенатга тақдим қилинган у ёки бу қонун ҳужжатларини Сенат қўмиталарида дастлабки кўриб чиқиш жараёнида жойларда маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан муқокама қилиш амалиётини жорий қилиш ҳам фойдалидир. Бу билан маҳаллий Кенгашлар депутатлари нафақат Сенатни шакллантиришда балки қонунчилик жараёнида ҳам бевосита иштирок этади, қабул қилинган қонунлар мазмун-моҳиятидан тўла хабардор бўлади, уни сайловчиларга, аҳолига тушунтиришда янада фаолроқ иштирок этади.
Учинчидан, қонун ҳужжатларини Сенат қўмиталарида дастлабки кўриб чиқиш жараёнида маҳаллий Кенгашлар депутатларининг иштирок этишлари, қонунлар лойиҳалари муҳокамаси жараёнларида уларнинг ўз округлари ҳудудидаги ижтимоий муаммолар ҳақида фикр билдиришлари ҳам қонунларда минтақалар манфаатлари ҳисобга олинишида муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Тўртинчидан, давлатимиз раҳбари маърузаларида қабул қилинган қонунлар мазмун моҳиятини жойларга етказишда камчиликлар борлигини адолатли қайд қилганлари муносабати билан Сенат аъзолари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари фаолиятини мувофиқлаштиришнинг изчил механизмини яратиш мақсадида Сенатнинг ҳар бир ялпи мажлисидан сўнг ойнинг маълум кунида “Депутатлар ва Сенаторлар куни”ни ўтказиш мақсадга мувофиқдир.
Аннатоция: Парламент, махаллий хокимят органлари, тарих, тавсия, йўналишлар
Адабиётлар:
1. Каримов И.А. Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари – олий қадрият. Т. 14. – Т: Ўзбекистон, 2006. – 280 б.
2. Каримов И.А. Бизнинг бош мақсадимиз – жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ этишдир. –Т.: Ўзбекистон, 2005. – 156 б.
3. “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни. Ўзбекистон Республикасининг янги қонунлар тўплами. –Т.: Адолат, 1995. – 120 б.